"TasIMO-2024" finali press-relizi
Жорий йилнинг 18-19 май кунлари Халқаро Нордик университети (ХНУ) базасида Тошкент халқаро математика олимпиадаси (ТасИМО)нинг учинчи финал босқичи ўтказилди.
Ушбу халқаро олимпиада БМТнинг “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га уйғун тарзда таълим соҳасидаги ислоҳотларга ҳисса қўшиш, “Ўзбекистон-2030” стратегиясида таълим тизимини янада ривожлантириш бўйича белгиланган устувор режаларни амалга ошириш мақсадида илк бор ХНУ, IDC (Intelligence Development Center) таълим маркази ташаббуси билан Жаҳон банки, ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти, Рован университети (АҚШ), Карелия амалий фанлар университети (Финляндия) ва UzReport TV канали ҳамкорлигида ташкил этилди.
17 май куни ТасИМО олимпиадасининг финал босқичига тавсия этилган жами 300 нафар маҳаллий ва чет эллик 3-11-синф ўқувчилари ота-оналари, устозлари ҳамроҳлигида пойтахтимизга етиб келдилар. Улар ХНУ раҳбарияти, масъуллар ва волонтёрлар томонидан меҳмондўстлик анъаналари асосида ҳурмат-эътибор билан кутиб олиндилар. Барча иштирокчиларга олимпиада дастури, мусобақада иштирок этганликларини эслатувчи махсус кийим ва атрибутлар туҳфа қилиниши ёшлар ва уларнинг яқинларига юқори кайфият бағишлади.
***
Олимпиада тантанали очилди
18 май куни байрамона безатилган университет олди майдонида Тошкент халқаро математика олимпиадаси финал (учинчи) босқичининг очилиш тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда ХНУ ректори, профессор Шерзод Мустафакулов, Жаҳон банки ва Юнисеф ҳалқаро ташкилоти вакиллари, UzReport TV канали бош директори Равшан Жўраев, IDC таълим маркази директори Озод Зоировлар сўзга чиқдилар. Улар ҳақиқий билим эгаларини кашф этишни мақсад қилган нуфузли олимпиадада республикамиз бўйлаб ёш математиклар катта қизиқиш билан фаол қатнашганликларини эътироф этиб ўтдилар. Бу беллашув математик билим эгаларининг иқтидорини жамият ривожи йўлида сафарбар этишда қўл келишига ишонч билдирдилар.
Тадбирда ҳал қилувчи финал босқичига қадар етиб келган ёш билимдонлар самимий қутланди. Ташкилотчилар мазкур олимпиада келажак эгаларининг аниқ фанларга бўлган қизиқишларини эрта аниқлаш, ёш иқтидор эгаларини кашф қилиш, умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган ўқувчиларни ҳар томонлама комил инсон қилиб тарбиялаш, кенг мушоҳадалилик, таҳлилий ва мантиқий тафаккур юритиш қобилиятларини ривожлантириш мақсадларида ҳар йили анънавий тарзда ўтказиб борилишини таъкидладилар. Барча иштирокчиларга зафар ёр бўлиши, билим олиш йўлидаги саъй-ҳаракатларида муваффақиятлар ҳамроҳ бўлишини тиладилар.
Шундан сўнг ТасИМОнинг финал босқичига старт берилди. Олимпиадада 14 та маъмурий ҳудуд, яъни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан саралаб олинган ўқувчилар хорижий тенгқурлари билан беллашишга киришдилар. Ўқувчилар мусобақаларда 2 гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этдилар.
18-19-май кунлари беллашувлар қизғин кечди. 3-9-синф ўқувчиларининг топшириқларни бажариш жараёнлари очиқ майдонда ҳакамлар кузатуви остида шаффоф ташкил этилиб, регламентга кўра 90 дақиқа давом этди. Айниқса, 10-11-синф ўқувчилари ўртасидаги мусобақалар ёш математиклардан катта билим ва маҳорат талаб этди. Билимдонлар 4,5 соат мобайнида мисол ва топшириқлар ечими устида ишладилар. Эътиборли жиҳати, иштирокчилар бир хил шароит ва имкониятларда синовлардан ўтдилар. Барча жараёнлар жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситаларининг бевосита кузатуви остида ўтди. Олимпиададан сўнг иштирокчи-ўқувчиларга топшириқларнинг ечимлари билан танишиш имконияти ҳам яратилди.
Икки кун давомида олимпиада беллашувларидан сўнг ўқувчилар ва ота-оналар учун маданий, кўнгилочар дастурлар ташкилланди. ХНУ талаба-волонтёрлари томонидан иштирокчиларнинг қизиқишлари асосида спорт ўйинлари, арқон тортиш, варрак учириш ва бошқа миллий ўйинлар уюштирилди, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари, янги дўстлар орттиришларига мос муҳит яратиб берилди. Айниқса, пойтахтимиздаги Адиблар хиёбони ва Ўзбекистон давлат циркига ташриф уюштирилгани ёшлар учун янги маълумотлар ва завқли таассуротлар манбаи бўлди. Шунингдек, ХНУ профессор-ўқитувчилари томонидан ўтказилган психологик тренинглар асосида билимдонларда янги-янги мақсадлар уйғотилди. “Pizza Party” каби тадбирларда ўқувчи-ёшлар янги дўстлар даврасида таомланиб, суҳбатлар қурдилар, олимпиада кунларини мароқли ва эсда қоларли ўтказдилар.
Нуфузли беллашув ўқувчиларга нафақат ўз қобилиятларини намоён этиш, балки қимматли тажриба, янги билимлар олиш ва дунёнинг энг яхши математиклари билан танишиш имкониятини яратди. Иштирокчиларнинг ақлий, ижодий ва таҳлилий фикрлаш қобилиятларини ривожлантиришга ҳам хизмат қилди. Тошкент халқаро математика олимпиадаси академик мукаммаллик, динамизм, ижодий инновацияларни қўллаб-қувватлаш, ёш иқтидор эгаларининг янги авлодини кашф этиш ва рағбатлантириш каби хусусиятлари билан ҳам устуворлик касб этди.
***
Ғолиблар муносиб тақдирландилар
20 май куни пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Тошкент халқаро математика олимпиадаси ғолиблари ва маҳаллий ҳамда хорижий фаол иштирокчиларни тақдирлаш тадбири ўтказилди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Давлат Мадҳияси янгради.
Тақдирлаш тадбирида иқтидорли ёшлар ва улар эришган ютуқларни кенг тарғиб қилиш ва шу орқали мамлакатимизда таълимга бўлган эътиборни янада кучайтиришга урғу берилди.
Тадбир қатнашчиларининг эътиборига ТасИМОнинг барча босқичлари ўтказилиш жараёнлари, маҳаллий ва хорижий иштирокчиларнинг натижалари акс этган статистик инфографика ҳавола этилди.
Анжуманда ХНУ ректори Шерзод Мустафакулов мазкур олимпиада юртимизда ёш математиклар ўртасида халқаро миқёсда соғлом рақобатни бошлаб берганлиги, бу эзгу амалиёт келгусида ҳам давом эттирилиб, илм-фан тараққиёти, ижтимоий ва маърифий самарадорлик ва ёшларнинг муваффақиятига хизмат қилишини эътироф этди. Истиқболдаги режаларга тўхталиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов ғолиб ёшларни самимий табриклади ва эзгу тилакларини йўллади. ТасИМОда 10-11-синфлар бўйича фахрли 1, 2 ва 3-ўринларга муяссар бўлган ғолибларга олтин, кумуш ва бронза медалларини тақди. Олимпиада соврини, Халқаро Нордик университетида 100 % грантда ўқиш имкониятини берувчи ваучерлар, гуллар, статуетка, Сертификат ва махсус совғалар тантанали топширилди. Эндиликда медалларни қўлга киритган ўқувчиларни Финландия билан халқаро ҳамкорликдаги нуфузли олийгоҳда таълим олишдек шарафли ва фахрли келажак кутмоқда.
Тақдирлаш тадбирида Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов сўзга таклиф этилиб, буюк аждодларимизга муносиб алод бўлиш бахти насиб этган ғолиб ёшларга ўз табригини йўллади. 9-8-синфлар бўйича ғолиб бўлган иштирокчиларга мукофотлари тантанали топширилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Сурайё Раҳмонова ва ХНУ ректори Шерзод Мустафакулов саҳнага таклиф этилиб, улар томонидан қуйи синфлар бўйича барча ғолиблар тантанали тақдирландилар. Ҳақиқий илм эгалари бўлган ёш авлод муносиб рағбатга сазовор бўлди. Ғолибларга қимматбаҳо совғалар туҳфа қилингани ва юксак эҳтиром кўрсатилгани ота-оналар ва устозларга ҳам ўзгача фахр-ифтихор бағишлади.
ТасИМО келгуси йилларда ҳам ёш иқтидор эгаларини кашф этишда давом этади. Зеро, интилганга толе ёрдир!
***
Маълумот ўрнида, ТасИМОнинг 25-февралда ўтказилган биринчи онлайн босқичида жами 75114 нафар талабгор қатнашди. Жами 18279 нафар ўқувчи олимпиаданинг иккинчи босқичига тавсия этилди.
Олимпиаданинг 31 март куни ўтказилган иккинчи босқичида 14 та маъмурий ҳудуддан саралаб олинган 3-11-синф ўқувчилари хорижий тенгқурлари билан онлайн форматда беллашдилар. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан жами 10916 нафар талабгор иштирок этди ва улардан 6424 нафари жавобларни ўз вақтида юборишга муваффақ бўлдилар. Шунингдек, 43 та хорижий мамлакатдан 496 нафар талабгор олимпиадада иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган. 24 та мамлакат, жумладан, Россия, Беларуссия, Армения, Туркия, Эстония, Қирғизистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Бахрайн, Лаос, Бразилия, Бирлашган Араб амирлиги, Аргентина, Индонезия, Финландия, Тожикистон, Ангола ва бошқа мамлакатлардан 276 нафар талабгор фаол қатнашди.
Олимпиаданинг учинчи босқичига жами 300 нафар ўқувчи тавсия этилди. 18-19-май кунлари олимпиаданинг финал босқичи Тошкент шаҳрида Халқаро Нордик университети базасида офлайн форматида ташкил қилинди.
Тошкент халқаро математика олимпиадасининг жами соврин жамғармаси 450 миллион сўмни ташкил этди. Олимпиада жараёнини қизиқарли ва иштирокчиларни рағбатлантирувчи амаллар билан юқори савияда ўтказиш учун ташкилотчилар томонидан барча саъй-ҳаракатлар амалга оширилди.
Олимпиадага тайёргарлик катта ҳажмдаги билим ва амалиётни талаб қилади. Шу боис телеграм ижтимоий тармоғида олимпиаданинг расмий саҳифаси ташкил этилиб, IDC таълим маркази, Қоракўл зиё ўқув марказларининг тажрибали устозлари томонидан онлайн дарслар ўтказиб борилди, синфлар кесимида тест топшириқлари жойлаб турилди. Бу эса иштирокчиларда математик фикрлаш ва умумий масалаларни тўғри ечиш кўникмаларини ривожлантиришга ёрдам берди. Мазкур эзгу ишлар йил бўйи давом эттирилади.
ТасИМО ташкилий қўмитаси,
ХНУ Матбуот хизмати